2002/20

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ ҲАҚИДА ИККИ ЯНГИ КИТОБ

Ҳар бир инсон адабиётга ошно бўлса, унинг қалбида заррача ёмон иллатлар бўй кўрсатмайди. Эзгулик сабаб, бу кўҳна дунё тараққиёт сари юз тутади. Адабий шаклланувнинг давомийлиги эса миллат обрўсини осмон қадар юксалтиради. Кишилик жамиятида оломонлашувнинг олдини олади. Ҳақиқий адабиётнинг вазифаси ҳам шу: инсон қалбини пок асрашдир. Худди шундай олий мақсадлар йўлида ҳаётини тиккан инсониятнинг йирик шахслари бўлганлигини ёдга олиб, уларни хотирлаб туриш энг муқаддас бурчимиздир. 



Йигирманчи асрнинг машҳур ёзувчиси, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо эди. Адиб минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди. 



Ижодкор адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқларимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганлиги билан ҳам юракларимиздан жой олган. Унинг адабиёт ва миллат олдидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, мустақиллик йилларида давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланди. 



Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ёзувчининг шахси, унинг ижодий мероси билан бир қаторда, қардош қирғиз халқига ҳам бўлган чуқур ҳурмат намунаси дейиш мумкин. 



Ушбу қарордан келиб чиқиб, кўп йиллардан буён машҳур ёзувчи ижоди, ижтимоий-сиёсий фаолиятини ўрганиб келаётган таниқли публицист-адиб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти Аҳмаджон Мелибоев адиб таваллудининг 90 йиллиги арафасида ўзининг “Чингиз Айтматов: Давр, Инсон, Ҳақиқат” ва “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли китобларини нашр эттирди. 



“Чингиз Айтматов: Давр, Инсон, Ҳақиқат” китобида ёзувчи қаламига мансуб ҳикоя, роман ва қиссалар, чуқур мушоҳадали бадиий, ижтимоий публицистик мақолалар, нуфузли анжуманлардаги мағзи тўқ, маънавий юки салмоқли маърузалари Аҳмаджон Мелибоевнинг узоқ йиллик изланишлари асосида жуда чуқур таҳлил қилинган. 



Чингиз Айтматовнинг 55 йил бурунги қирғиз ёзувчиларининг республика қурултойида сўзлаган нутқида куюнчаклик билан ёшларга янада янгиланишларга талпиниб яшаш зарурлигини уқтириб, жумладан, шундай дейди: “Сиз ёшлар, шуни билингларки, жамият ва адабиёт сизларнинг олдингизга қўяётган бугунги вазифалар, адабиётимизнинг катта авлоди олдида бир вақтлар турган вазифалардан фарқ қилади. Биз бугун тарихнинг шу чоққа қадар юрилмаган йўлларидан ҳам юрмоқдамиз. Жамият, ижтимоий ҳаёт, адабиёт ўсиб, ривожланиб бормоқда. Шундай экан, сизларга катта устозларингиз босиб ўтган ижод йўлидан кўра мураккаброқ йўлларни босиб ўтишга тўғри келади...” Бугунги ёш ижодкорлар олдида ҳам худди шундай савол кўндаланг турибди. А.Мелибоевнинг “Чингиз Айтматов: Давр, Инсон, Ҳақиқат” китоби Чингиз Айтматов ижодий олами томон саёҳатга етаклайди. 



Давр машаққатлари ижодкор зиёлиларнинг, давлат ва жамоат арбобларининг ҳаёти ва ижодида ўз аксини кўрсатади. Инсон бир жамиятда яшар экан қайси соҳада фаолият юритмасин ғоявий-сиёсий чиниқиш мактабини ўтайди. Аммо Ч.Айтматовдек чинакам публицист жамиятдаги мавжуд оғриқли нуқталарга шунчаки бефарқ бўлиб ўтиб кета олмасди. Бонг уради, ҳаловатини йўқотади, керак бўлса, фидойилик қилади. Мазкур китобда Ч.Айтматовнинг ана шундай феъл-атвори, ижоди, мураккаб турмуш тарзига муносабати хусусида сўз борган. 



Шунингдек, Аҳмаджон Мелибоев тўплаб нашрга тайёрлаган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китоби ўқувчида улуғ ижодкорнинг бутун ҳаётига турли нуқталардан берилган баҳо, ғоятда қадрли самимий, жиндак таҳлилий қарашларни ўз ичига қамраган чизгиномалардан иборатдир. 



photo5343851271381166519.jpgОзод Шарафиддиновнинг “Инсониятнинг буюк вакили”, Одил Ёқубовнинг “Адиб ва чин инсон”, Абдулла Ориповнинг “Маънавий дардошлик” ва Акмал Саидовнинг “Чингиз Айтматов – дипломат” каби кўплаб ижодкорларимизнинг ёдномалари тўпламдан ўрин олган. 



Мазкур тўпламда буюк адибнинг ижод майдонига кириб келиши, Марказий Осиё, бутун Шарқ халқлари адабиёти ва санъатини тубдан янгилаш, чинакам халқчил, прогрессив, жаҳоннинг юксак даражада ривожланган адабиётлари қаторига қўшиш йўлидаги меҳнати, орзу ниятлари ҳақида хотирланади. 



Ғайбулла ас-Саломнинг ушбу китобда келтирилган хотираларида: “Чингиз Айтматовнинг ижоди янгича тафаккур тарзининг самараси ўлароқ, ўзига нисбатан онгли муносабат, идрок, савия ва юксак маданият соҳиби бўлишни талаб этади”, дейди. Адиб асарларига шунчаки ёндашиб бўлмайди. Асарларда қаҳр ва муҳаббат, висол ва ҳижрон, соғинч ва ўкинч туйғулари бир-бири билан мураккаб бир тарзда, тасдиқ ва инкор, эътироф ва эътироз шаклларида кўринади. Баъзан оддийгина, жўн каби кўринган тасвирларда ҳам катта фалсафа ва ҳикмат ётади. 



Китобда ўзбек адабиёти ва адибларининг қардош халқлар ижодкор зиёлилари билан яқин ҳамкорлик ришталари, адабий кечаларнинг уюштирилгани, уларнинг бир-бирига самимий, дўстона муносабати, кези келганда танқидий баҳолари хусусида ҳам хотиралар баён этилган. Зеро, Чингиз Айтматов ўзбек ёзувчилари ижодига, ўзбек адабиётига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатган адиблардан биридир. Адиб ўзбек халқи, адабиёт ихлосмандлари учун ниҳоятда қадрли ва севимли. Унинг асарларини қайта-қайта ўқиш ўқувчига янгича ёндашув ва ўзига хос жиҳатларни намоён қилаверади. Аммо бу инсон ҳақида тўлиқ ва етарлича маълумотга эга эмасмиз. Мазкур китоб эса бизга адиб ҳаёти, ижоди, унинг жасорати, фидойилиги, адабиётга қўшган ҳиссаси, бой маданий мероси хусусида сўзловчи йирик манбалардан биридир. 



Бу икки китоб, ўзбек китобхонларига Чингиз Айтматовдек буюк адибнинг ижоди барҳаёт эканлигини англатиб туради.